Ўзбекистон Республикаси Президент Администрациясининг 2021 йил
6- январдаги 02-37-сон топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Қурилиш вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Вазирлиги ва барча вилоятлардаги қурилиш бош бошқармалари ҳамда унинг тизимига кирувчи корхона ва ташкилотларда ишларнинг ташкиллаштирилиш ҳолатини ўрганиш ва соҳада олиб борилаётган изчил сиёсат, ислоҳотларнинг амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан олиб борилаётган фаолият ўрганилди.
Вазирлик ишчи-гуруҳи Навоий вилояти Қурилиш бош бошқармасида бўлиб, туман ва шаҳар бўлимларининг иш фаолиятини кўздан кечирди. Уч кун давом этган ўрганишлар якунида умумий йиғилиш чақирилиб ҳар бир жараён алоҳида таҳлил этилиб, лозим бўлган кўрсатма, таклиф ва тавсиялар берилди.
Йиғилишда Қурилиш вазирлигининг Коррупцияга қарши курашиш (комплеанс-назорат) бўлими бош мутахассиси Б.Карабаев, Коррупция ва комплеанс-назорат мавзусида тақдимот қилди ва соҳада коррупцияга қарши курашиш ҳамда уни олдини олиш бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифалар, бу бўйича қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий меъёрлар ҳақида йиғилганларга маълумот бериб ўтди. Шунингдек, Вазирликнинг Бош режаларни ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш бўлими мутахассиси У.Рахимов ҳамда бошқа иштирокчилар сўзга чиқиб, соҳада давлат хизматларини кўрсатишда ҳудуднинг бош режасига асосланиб иш олиб бориш, жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш масалаларида фақат ваколат доирасида кўриб чиқиш ҳамда бош режага асосланиб хулоса бериш, кадрларни тайёрлашда архитектура ва қурилиш соҳасида олий таълим муассасаларини якунлаган битирувчиларни соҳага жалб этиш ва ишга қабул қилиш бўйича, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги “Ижро интизомини идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ вазирликнинг барча шаҳар ва туман қурилиш бўлимларида “ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига уланиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ижро назорати бўлимини етарлича ходимлар билан таъминлаш ҳамда зарур шарт-шароитлар яратиб берилиши хусусида таъкидлаб ўтишди.
Навоий вилояти Қурилиш бош бошқармаси Аҳоли пунктларида шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқариш ва амалга ошириш бўлими архитекторлари ва туман бўлимлари бош архитекторлари, ҳамда бошқа мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари, саволлари тингланди. Ечимини кутаётган муаммолар ўртага ташланиб улар юзасидан мутахассисларнинг таклифлари эшитилди.
Шунингдек, вазирлик ишчи-гуруҳи томонидан қурилиш бошқармаси бўлимлари ва тизимдаги корхона ташкилотларга, Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқишдаги қонун бузилиши ҳолатларини ўрганиб чиқиб кўрилган чоралар натижаси бўйича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорига асосан, туман ва шаҳар Қурилиш бўлимлари томонидан Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича қонун бузилиш ҳолатларини чуқур таҳлил қилган ҳолда тегишли чоралар кўриш ва доимий назоратга олиш, натижаси бўйича вазирликка ахборот киритиб бориш каби вазифалар юкланди.
Вилоят Қурилиш бош бошқармаси матбуот хизмати.
